23.09.2021

“Қўлёзмалардан нусха кўчириш ва улар устида олиб бориладиган тадқиқотлар” мавзусида онлайн семинар бўлиб ўтди...

Бугун Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан ZOOM видеоконференция дастури орқали  “Қўлёзмалардан нусха кўчириш ва улар устида олиб бориладиган тадқиқотлар” мавзусида  онлайн семинар бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва бошқа бир қатор халқаро илмий тадқиқот марказлари илмий ходимлари,  ўттиздан ортиқ эркин тадқиқотчилар ва қизиқувчилар иштирок этишди.

Анжуманни Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, ҳадисшунослик ихтисослиги бўйича фалсафа доктори (PhD) Шукурилло Умаров ўз нутқи билан бошлаб, бугунги кунда ислом манбашунослиги, жумладан, марказ илмий тадқиқотчилари томонидан Имом Термизий ва термизлик алломалар асарларининг таржимаси борасида қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида атрофлича маълумотлар бериб ўтди. 

Сўнг араб тили бўйича филология фанлари доктори, профессор, Ироқ давлат университетининг “Тил ва адабиёт факультети” ўқитувчиси, доктор Маҳмуд Фавзий Абдуллоҳ Кубайсий  қўлёзмалардан нусха кўчириш анъанаси ва услублари, қўлёзма  асарларнинг сақланиши ва реставрацияси ҳамда уларни қиёслаш натижасида юзага келадиган  янгиликлар хусусида маъруза қилди.

Семинар давомида ноёб қўлёзмалар ва улар устида олиб борилаётган тадқиқотлар натижасини тақдимот асосида иштирокчиларга тушунтириб ўтилди.

  Анжуманда хорижлик маърузачилар нутқи Имом Термизий  халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими Жўрабек Жўтматов томонидан ўзбекчага таржима қилиб турилди.

Дўстона ва самимий мулоқот руҳида ўтган учрашув якунида  турли даражадаги тажриба алмашинув ташрифларини йўлга қўйиш, шунингдек, анжуман давомида маърузаларда келтириб ўтилган маълумотларни  келгусида алоҳида рисола тарзида нашр этиш, илмий-тадқиқот йўналишдаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболли йўналишлари хусусида ўзаро фикр алмашилди.

    Имом Термизий халқаро  

илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати.

Izoh qoldirish

Izohlar